Октябрь ойидан Тошкент шаҳрида марказий иситиш тизими ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун янги тарифлар жорий этилади. Бу ҳақда, «Тошиссиққуввати» корхонасига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Тарифларнинг қимматлашуви энергия манбалари ва бошқа материалларнинг нархи ўсиши билан боғлиқ. Қайд этишларича, иссиқ сув тарифлари сўнгги бир йил ичида иккинчи марта, марказий иситиш эса учинчи марта қимматлашмоқда.
Янги тариф бўйича иссиқ сув таъминоти ҳисоблагич бўлган ҳолатда бир метр куб учун 3174,05 сўм (ҳозир — 3015,87 сўм, ўсиш — 5,2 фоиз), ҳисоблагич бўлмаса, бир киши учун бир ойга 12395,4 сўм (ҳозир — 11777,69 сўм) этиб белгиланган (душхонаси умумий бўлган ётоқхоналар учун — бир киши учун 9220,98 сўм).
Марказий иситиш тизими хизматлари тарифи эса турар-жойнинг бир квадрат метри учун 1019,59 сўмдан 1073,06 сўмга ошган (ўсиш — яна 5,2 фоиз).
Жорий йилда иссиқ сув тарифлари охирги марта 15 май куни, иситиш хизмати нархи эса 15 май ва 1 август кунлари ошган эди.
Изоҳ (0)