БАА пойтахти Абу Дабида FIDЕ’нинг 86-Конгресси якунлари бўйича 2nd Annual Asian Chess Excellence Awards мукофоти лауреатларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.
Мукофот ташкилотчилари томонидан «миллий ихтисослашган олимпия захиралари болалар шахмат мактабини ташкил этишдаги ҳаракатлари, миллатни тарбиялашда шахматни педагогик восита сифатида кўра олгани, болалар таълими ва спортига кўмак бергани, мамлакатнинг бой маданияти ва қадриятларини сақлаган ҳолда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун» Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Йил одами» деб топилгани ҳақида июль ойида хабар берилган эди.
Мукофотни Осиё шахмат федерацияси президенти шайх Султон бин Халифа ал-Наҳаён ва FIDЕ президенти Кирсан Илюмжиновнинг қўлидан Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Мурод Алиев қабул қилиб олди.
Маълумот учун, ушбу номинация бўйича мукофот мамлакатда шахматга қаратилаётган эътибор, болалар спорти, хусусан, шахматга берилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шароитлар ва доимий қўллаб-қувватлашни таъминлаётганларга топширилади.
Asian Chess Excellence Awards мукофоти 2014 йили таъсис этилган бўлиб, илк ғолибларни тақдирлаш маросими 2014 йилнинг 25 июль куни БААнинг Ал-Айн шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшанда «Йил одами» йўналишида ғолиблик БААнинг Шаржа шаҳри амири Шайх Муҳаммад ал-Қосимийга насиб этганди. Қосимий 10 миллион доллар эвазига дунёдаги энг катта шахмат клубини бунёд эттирганди.