«Uff.uz» сайти бугун, 8 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Филиппин — Ўзбекистон учрашуви ҳақида маҳаллий матбуот фикрлари билан қизиқди.
«Ўйинга бўлган чиқишлар етарли даражада бўлмоқда. Бир нарса аниқ: бугун Филиппин аҳли байрамга боргандек стадионга ташриф буюради ва ўз термасига 12-ўйинчи вазифасини бажариб беради. Матбуотни кузатар эканмиз, Ўзбекистон термасининг ипидан-игнасигача ўрганилганига гувоҳ бўлдик. Ҳатто, футболчиларимизнинг устунлик ва камчилик жиҳатлар шундай очиб ташланган», — дейилади Uff.uz сайтидаги хабарда.
«Ҳамиша 4-2-3-1 тактикаси остида ўйнаб келган ‘Оқ бўрилар’ ҳужумкорликни яхши кўради. Улар майдонда бўш жойни деярли қолдирмайди. Секин-аста жарима майдончасига ёриб киради. Аксарият ҳужумлар Одил Аҳмедов ва Сардор Рашидовларнинг хатти-ҳаракатлари эвазига амалга оширилади. Натижада ҳужумда ягона бўлган Игорь Сергеевга узатма беришади. Ўзбекистоннинг ўйинини ўқиш осон.
Рашидовдан эҳтиёт бўлиш керак. У чап ва ўнг қанотда бир хил ўйнайди ва ҳужумларга қўшилиб кетади. Яманга қарши айнан Рашидов ва Денисовлар яхши ўйнади. Мана шу икки футболчи тўпни бир-бирига узатиб, марказда Аҳмедовдан ҳужумларга ‘қанот’ олади. Сервер Жепаровдан ҳам ҳайиқиш керак. Унда тажриба етарли. Анча вақтдан бери термага чақирилмаган Александр Гейнрих ҳам кучли зарба ва дриблингга эга. Бундан ташқари, ҳимояни Анзур Исмоилов ишончли қўриқлай олади.
Умуман олганда, Ўзбекистон ‘бир тепар’ услубини яхши ўзлаштирган ва тўпни ўзида тутиб тура олади. Филиппин футболчилари бор эътиборни Аҳмедов ва Рашидовга қаратишлари керак. Айниқса, Рашидовнинг бир дақиқадан кейин қаерда бўлишини аниқ айтиб бўлмайди.
Уларнинг асосий мақсадлари 3-саралашга гуруҳда биринчи ўринни олиб чиқиш. Ушбу Марказий Осиё термаси хатоларни кечирмайди», — дейилади маҳаллий матбуотнинг спорт рукни остидаги саҳифаларда.
Изоҳ (0)