Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги Минтақавий хайрия жамғармаси (МХЖ) Қуддусда экстремал спорт турлари билан шуғулланиш имконини берадиган майдонча қурилишини молиялаштирди. «TASS»нинг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга асосланиб хабар беришича, бу совға «чечен халқи ва Қуддус аҳли ўртасидаги дўстлик алоқалари рамзидир».
Жамғарма маблағи эвазига қурилган скейт-парк очилишида Қуддус мэри Нир Баркат ҳам иштирок этган. Рамзан Қодировнинг фикрича, «Қуддус ёшлари учун ажойиб совғага айланган» скейт-паркда халқаро мусобақаларни ҳам ўтказиш мумкин. Унинг қурилишини Рамзан Қодиров кўрсатмасига асосан Россия парламенти депутати Адам Делимхонов мувофиқлаштириб борган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг март ойида МХЖ маблағлари ҳисобидан Қуддусдан 10 дақиқалик масофада жойлашган Абу-Гош манзилгоҳида катталиги жиҳатдан Исроилда учинчи ўринда турувчи Аҳмад ҳожи Қодиров номли масжид очилганди. Мазкур масжид шу ерларда тахминан 400 йиллардан бери истиқомат қилувчи чеченлар илтимосига кўра қурилганди.
Изоҳ (0)