Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 25 август куни эрталаб Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ёшлар» ва «Наво» телеканалларида Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб чиқарилган махсус белгида Ўзбекистон байроғи тескари қўйилганини қайд этган эди.
Скриншотларда экраннинг юқори чап тарафидаги «24 йил» белгиси ортидаги байроқда ранглар тескари кўринишда — яшил, оқ ва кўк кетма-кетлигида келтирилгани кўриниб туради. Ушбу ҳолат ҳам «Ёшлар», ҳам «Наво» телеканалларида кузатилган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокама қилина бошланганидан тахминан икки соат ўтгач, соат 10:00 дан кейин ушбу белги бир муддат эфирдан бутунлай олиб ташлангани кузатилди.
Блогер Хушнудбек Худайбердиев ёзишича, кейинроқ байроқ тўғри ҳолатда кўрсатилган белги яна иккала телеканал эфирида экраннинг чап юқори қисмида пайдо бўлди.
Изоҳ (0)