Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!» шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ёлғиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар, эҳтиёжманд оилалар вакиллари иштирок этди. Тадбирда 212 кир ювиш машинаси, чангютгич, микро тўлқинли печь каби бир қатор маиший техника жиҳозлари топширилди.
Тадбир доирасида бошқа бир қатор хайрия лойиҳалари ҳам ўтказилди. Мана, бир неча йилдирки, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга «Касаба уюшмалари – талабаларга» лойиҳаси доирасида стипендия жорий этган. Бу йил ҳам 21 талабага ана шундай стипендия бериладиган бўлди.
Тадбирда сиҳатгоҳларда ўз саломатлигини мустаҳкамлаши учун кексаларга бепул йўлланмалар берилди. Ўзбекистон тинчлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Изоҳ (0)