Россиянинг Сахалин вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари интернетга номаълум кимсалар жип остига тиқилиб қолган айиқни пичоқ билан сўйиб ташлашга таҳдид қилаётгани акс этган видео жойланиши юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда Россия ИИВ минтақавий бошқармаси сайтида айтилади.
Аниқланишича, Курил туманидаги Рейдово қишлоғида содир бўлган ҳодисага уч нафар маҳаллий фуқаро алоқадор.
Тармоққа жойланган видеода айиқ устидан кулган кишилар иккита автомобилда келганини кўриш мумкин. Улар жипда жониворни босиб, ерга қапиштиради. Воқеа иккинчи машинадан туриб суратга олинади. Эркаклардан бири тиқилиб қолган ҳайвонни ўлдириш учун пичоқ сўрайди, иккинчиси, ҳазиллашиб, уни зўрлашни таклиф қилади. Ролик сўнгида айиқ жип тагидан чиқиб олишга муваффақ бўлади, сўнг иккинчи автомобилга ҳамла қилади.
Шафқатсиз одамлар айиқни саккиз марта босиб ўтгани хабар берилмоқда. Маълум қилинишича, айиқ тирик қолган.
Изоҳ (0)