Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида 13 август, пайшанбага ўтар кечаси рўй берган кучли портлаш қурбонлари сони 44 кишига етди, 520 киши эса касалхоналарга ётқизилган. Ҳалок бўлганларнинг 12 нафари ўт ўчирувчилардир. Бу ҳақда қутқарув штаби манбаларига асосланиб, Синьхуа агентлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Олдинроқ хабар қилинганидек, Тяньцзиндаги логистика компанияси контейнер терминалида 30 сония фарқ билан иккита кучли портлаш рўй берган. Унинг тўлқини ўнлаб километр олисда ҳам сезилган.
"Жэньминь жибао" газетасининг ёзишича, ҳодиса жойига 143 та ёнғинга қарши кураш бригадаси, 1000 дан зиёд ўт ўчирувчи жўнатилган. Қутқарув ишлари чоғида яна бир нечта портлаш содир бўлгани туфайли қурбонлар сони ортган.
Портлашга айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Интернетда компания омборида зарарли кимёвий моддалар сақлангани ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлди.
Изоҳ (0)