«Ўзавтосаноат» АК матбуот хизмати сўнгги вақтларда компания корхоналари тўғрисида нотўғри маълумотлар чоп этган интернет тармоқларидаги ОАВларга мурожаат қилди.
«Охирги пайтларда интернет тармоқларида баъзи бир маҳаллий ОАВлар томонидан, профессионал журналистика этикасини бузган ҳолда, ‘Ўзавтосаноат’ АК тизимидаги корхоналар фаолияти ва уларда бўлиб ўтаётган воқеалар, айниқса, GM Uzbekistan АЖ тўғрисида мавжуд бўлмаган манбалардан далиллар келтирган ҳолда, нотўғри маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур оммавий ахборот воситалари ушбу ҳаракатлари билан ‘Ўзавтосаноат’ АК ва тизимдаги корхоналарнинг нафақат имижига зарар келтирмоқда, балки номаълум шахсларнинг виждонсиз манфаатлари фойдасига истеъмолчиларни чалғитмоқдалар.
ОАВларда нотўғри маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш ва истеъмолчиларни, бундай маълумотларни тарқатаётган номаълум шахсларнинг виждонсиз ҳамда ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоялаш мақсадида, барча ахборот сайтларидан, газеталар ва бошқа ОАВларидан, ‘Ўзавтосаноат’ АК ва компания тизимидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни босиб чиқараётганда ёки бошқа сайтлардан кўчириб олиб қайта нашр қилаётганда, ‘Ўзавтосаноат’ АКнинг ахборот хизмати билан маслаҳатлашган ҳолда маълумотларнинг тўғрилигини диққат билан текширишингизни сўраймиз. ‘Ўзавтосаноат’ АК ва тармоқ корхоналари фаолияти тўғрисидаги барча аниқ ва тўғри маълумотларни ‘Ўзавтосаноат’ АКнинг ахборот хизмати ёки расмий сайти www.uzavtosanoat.uz ва www.chevrolet.uz орқали олишингиз мумкин.
‘Ўзавтосаноат’ АК ва тизимдаги корхоналар маҳаллий ОАВлар учун ҳар доим очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга тайёр», — дейилади мурожаатда.
Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати ўз телефон рақами ва электрон манзилини ҳам ёзиб қолдирган.
Телефон рақами: 267-74-84, 267-74-85e-mail: avtoolam@mail.ru
Изоҳ (0)