Қозоғистоннинг Остона шаҳрида теннис бўйича «Челленжер» туркумига кирувчи, соврин жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат бўлган турнир ўз якунига етиб боряпти. Мазкур мусобақада бир гуруҳ ўзбекистонлик теннисчилар ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказяпти, деб хабар қилади «Olamsport.com».
Улардан Санжар Файзиев ва Жўрабек Каримов жуфтликлар мусобақасининг ярим финалига йўлланма олганди. Кореялик Юн Сеонг Чанг билан тандем ҳосил қилган Жўрабек Каримов ярим финал баҳсида хорватиялик Франко Шкугор ва Хитой Тайпейи вакили Ти Чендан 6:0, 7:6 ҳисобида устун келди.
Яна бир ўзбекистонлик теннисчи Санжар Файзиев эса россиялик Маркос Каловелонис билан бирга ярим финалда россиялик Константин Кравчук ва молдовалик Денис Молчанов жуфтлигига 6:3, 5:7, тай-брекда 5:10 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Файзиев ва Темур Исмоилов ушбу турнирнинг яккалик баҳслари иккинчи даврасида, Жўрабек Каримов эса илк босқичда мағлубиятга учраган эди.
Изоҳ (0)