«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгашининг жорий йил олти ойи якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бирлашма матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Кенгаш аъзолари, Бирлашма ходимлари, Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Маълумки, Ўзбекистондаги теле ва радиоканалларда эфирга узатилаётган, кафе ва ресторанларда мониторлар орқали намойиш этилаётган, ўзбек миллий менталитетига тўғри келмайдиган клиплар, кўрсатувлар ва эшиттиришларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 15 июнда махсус Ҳаракат дастури тасдиқланган. Ушбу Ҳаракат дастурида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузурида ягона Бадиий кенгаш тузиш вазифаси белгиланган бўлиб, йиғилишда мазкур Бадиий кенгаш Низоми тасдиқланди ва Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишилди.
Бундан ташқари «Истиқлол» санъат саройида ўтказиладиган концерт дастурларидаги қўшиқларнинг камида 60 фоизи жонли ижро этилишини кўзда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш таклифи ҳам Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Кенгаш ҳамда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг 2015 йилнинг ўтган олти ойидаги фаолияти қониқарли деб топилди.
Изоҳ (0)