16 июль куни ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ғалла ўрим-йиғими мавсуми якунларини танқидий таҳлил қилишга ва об-ҳаво шароитларининг ғўза ҳосилига салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга, шунингдек, ғўзани парвариш қилиш бўйича комплекс агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказишга жиддий эътибор қаратилди, деб хабар беради ЎзА.
Аграр секторни янада ривожлантириш ва модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми 6,5 фоизга ўсганлиги қайд этилди. Мўл ғалла етиштирилди ва дон йиғиштириб олинди.
Жорий йилнинг ниҳоятда ноқулай об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мажлис қатнашчиларининг эътибори об-ҳаво шароитларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, энг аввало, ғўзага салбий таъсирини камайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг ва ижтимоий соҳа объектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган комплекс чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида суғоришни таъминлаш, ғўзаларни зараркунандалардан интеграциялаштирилган ҳолда самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш, шунингдек, агротехника ва ирригация-мелиорация тадбирларини ўтказиш учун ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)