Чуст туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи эркак қарийб ўнлаб йиллар давомида уйида ноқонуний равишда қурол сақлаб келган экан, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Суд давомида эркак қуролни отасидан қолган эски уйни бузаётганида топиб олганини, ҳатто аёлига ҳам кўрсатмай, беркитиб қўйганини айтди. Эркак яна ов қуролидан фойдаланмаганлиги, унинг ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги ва уни сақлаш қонунга зидлигидан бехабар эканлигини қўшимча қилди.
Газета берган маълумотга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан уюштирилган тадбир давомида унинг яшаш хонадонида 1931 йилда ишлаб чиқарилган, бир стволли ов милтиғи ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди.
Суд унинг содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топиб, жазо тайинлади. У энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди. Ашёвий далил сифатида олинган қурол давлат эгалигига ўтказилди.
Изоҳ (0)