Қорақалпоғистонликлар учун «Маданий фаолиятни кенг ёритишда ижтимоий тармоқларнинг имкониятлари» тренинги бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкентдаги Гёте-институти вакиллари «Дарё»га маълум қилди.
Гёте-институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда OXUS Culture ташкилоти томонидан маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган ёш ходимлар учун ижтимоий тармоқларда ўз ҳудуди маданияти ва санъати, тарихий обидалари, номоддий ва моддий маданий ёдгорликлари тўғрисида маълумотлар бериш, маданий маҳсулотларни кенг тарқатиш, халқаро ва ҳудудлараро маданий муносабатларни йўлга қўйиш мақсадларига қаратилган семинар-тренинг ўз ишини якунлади.
Тренинг Гёте-институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси биносида 3—5 июль кунлари бўлиб ўтди. Семинар-тренингда иштирок этиш учун келиб тушган аризалар ичидан 10 та иштирокчи танлаб олинган бўлиб, улар қорақалпоғистонлик турли давлат маданият ва санъат муассасалари ходимлари, ҳунармандлар, кўнгиллилар ва ОТМ талабалари, маданият ва санъат соҳаси менежерларидир. Ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) мутахассислари иштирокчиларга ижтимоий тармоқларда реклама қилиш, саҳифаларни юритиш, турли ижтимоий тармоқларнинг техник имкониятлари, қоидалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида маълумот бериш билан биргаликда, улардан фойдаланишнинг амалий асослари ҳақида назарий ҳамда амалий машғулотлар олиб борди.
Машғулотлар натижасида «Қорақалпоқ анъанавий ва эстрада қўшиқчилиги», «Қорақалпоқ ҳунармандчилиги», «И.В.Савицкий номидаги музейнинг сувенирлари», «Замонавий Нукус», «Гулзар фольклор ансамбли», «Қорақалпоғистон тасвирий санъати», «Қадимги қорақалпоқ халқи заргарлик санъати», «Мўйноққа хуш келибсиз» ва «Бердақ номидаги театр» саҳифалари Facebook, Instagram ва Twitter тармоқларида ўз ишларини бошлади. Бу саҳифалардан керакли маълумотларни олиш ва алоқа ўрнатиш имконияти яратилди.
Ушбу лойиҳа «Давлат маданият муассасалари ходимлари учун менежмент» семинар-тренинги давоми саналиб, республиканинг барча ҳудудлари мутахассислари учун ўтказиш режалаштирилган. Семинар якунида лойиҳа ҳомийси Ucell мобиль оператори томонидан бир йиллик белгиланган трафикка эга бепул интернет алоқа USB-модем ва сертификатлар тақдим этилади.