Бельгия кетидан, ЮКOС собиқ акциядорлари даъволари бўйича Россия активларини хатлаш ҳақида Франция ҳам қарор қабул қилди. Бу ҳақда компания акциядорларига яқин бўлган манбасига таяниб, Forbes хабар берди, деб ёзади Meduza.
Россия президенти ёрдамчиси Андрей Белоусов: «Биз Франция, Бельгия ва бошқа мамлакатлардаги бундай қарорларга эътироз билан чиқамиз», — дея ушбу ахборотни тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаага арбитражининг Yukos Universal Limited даъвоси бўйича ҳукми асосида Бельгия суд нозирлари мамлакатдаги Россиянинг давлат активларини хатлагани хабар берилган эди.
Хатлаш ушбу суднинг 2014 йил 18 июлдаги қарори бўйича амалга оширилган. Унга кўра, Россия ЮКOС собиқ эгаларига 50 миллиард доллар тўлаши керак.
2006 йилда Москва ҳакамлар суди солиқ органи аризаси билан ЮКOСни банкрот деб эълон қилган, унинг асосий активлари «Роснефть»га ўтган эди. ЮКOС собиқ акциядорлари Гаага судига мурожаат қилиб, компания мажбуран тортиб олингани учун товон пули талаб қилган.
Изоҳ (0)