Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида Чеченистон Республикаси Россиянинг бошқа минтақалари билан бир хилда давлатдан маблағ олишини айтди, деб хабар беради «Газета.ru».
«Чеченистонни қўллаб-қувватлаш федерал тармоқ дастури 130 миллиард рубль миқдорида белгиланган, ундан фақатгина 70 миллиард атрофидаги маблағни олдик. Бунинг устига бизнинг республикамиз уруш вақтида вайрон бўлган. Ҳаттоки ўзига тўқ минтақалар ҳам федерал марказдан каттароқ ёрдам олади, барчанинг хаёлида эса фақат Чеченистон», — деди Қодиров.
Унинг фикрича, «Чеченистонга дўст бўлмаганлар» минтақани ёмон кўрсатишга уринади.
Қодиров Чеченистон ўзи пул ишлаб топишини, баъзи соҳаларда иқтисодий ўсиш 100 фоизга етганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, иқтисодиётининг ўсиш суръати бўйича Чеченистон Россиянинг топ-5 минтақасига киради.
«Биз завод ва фабрикалар очяпмиз, солиқлар йиғимини ошириб боряпмиз. Албатта, муаммоларимиз ҳам етарлича», — деди Чеченистон раҳбари.
Изоҳ (0)