Хонанда Леди Гага 12 июнь, жума куни биринчи Европа ўйинлари очилишида чиқиш қилишидан аввал бир неча кун давомида махфий равишда Бокудаги меҳмонхоналардан бирида истиқомат қилди. Бу ҳақда тадбирнинг британиялик мувофиқлаштирувчиси Катерина Угву Associated Press’га маълум қилди.
«Леди Гаганинг шу ерда эканлигини сир сақлаган ҳолда ишлаш жуда қийин кечди. У ўзини жуда мулойим тутиб, тадбирда чиқиш қилгунча бир неча кун давомида меҳмонхонада қолишга ҳам рози бўлди», - деди ташкилотчи.
Очилиш маросимида хонанда Жон Ленноннинг Imagine қўшиғини ижро этди. Леди Гаганинг маросимдаги қатнашуви кутилмаган ҳодиса бўлди, чунки маросим дастурида унинг иштироки қайд этилмаган эди.
Аввалроқ Бокудаги Европа ўйинлари очилиш маросими учун камида 100 миллион доллар сарфлангани ҳақида хабар берилган эди. Тадбирни ташкил этишга 28 мамлакатдан 300га яқин ижодий жамоалар жалб этилди.
Маросимда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах ва Европа олимпия қўмиталари президенти Патрик Хики қатнашди.
12 июнь куни старт олган биринчи Европа ўйинлари 28 июнга қадар давом этади.
Изоҳ (0)