Австрия ёшлар терма жамоаси (U-20 ) бош мураббийи Андреас Хераф, Ўзбекистон U-20 ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоизки, Янги Зеландияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичида Равшан Ҳайдаров жамоаси айнан Австрия ёшларига қарши майдонга тушади.
Гуруҳ босқичининг сўнгги тур учрашувида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Фижи устидан йирик — 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу ўйинни австрияликлар мураббийи стадиондан томоша қилди ва ўйиндан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Келаси ўйиндаги рақибимиз Ўзбекистон бўлади. Ушбу жамоа тартибли ўйин намойиш этади ва таркибида кўплаб индивидуал маҳорати юқори бўлган яхши футболчилари бор эканини ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардим. Футболчилар тўп билан яхши муомала қила олади ва яхши техник кўрсаткичларга эга. Бизга қарши ўйинда Ўзбекистон очиқ футбол намойиш этса керак. Жамоа кўп гол ура олади, аммо шу билан бирга кўп ўтказиб ҳам юборяпти. Ўйлайманки, бизнинг улар билан ўзаро ўйинимизда камроқ хато қилган жамоа ғалаба қозонади», — дейди Андреас Хераф.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Австрияга қарши ўйини 11 июнь куни, Тошкент вақти билан 09:00 да бошланади.
Изоҳ (0)