Тошкент Фотосуратлар уйида 5 июнь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигига бағишланган «Европа – Ўзбекистон ҳамкорлиги чеҳралари» фотокўргазмаси очилди. ЎзА хабарига кўра, кўргазма Ўзбекистонда ўтказилаётган Европа кунлари доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси ва Европа Иттифоқи делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Намойиш этилаётган фотосуратларда Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида салмоқли ютуқларга эришаётган ўзбекистонликлар, инклюзив таълим туфайли ўз қобилиятини ривожлантираётган болалар, олий таълим тизимини модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Tempus дастурида иштирок этаётган талабалар, Европа мамлакатларида малака ошириб қайтган ўзбек тадбиркорлари акс эттирилган.
Барча фотосуратларга қисқача маълумотлар илова қилинган бўлиб, муаллиф Муҳиддин Алининг сўзларига кўра, суратлар жорий йилнинг апрель май ойларида Тошкент, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида олинган.