Етти карра «Формула-1» чемпиони Михаэль Шумахернинг рафиқаси пойгачининг шахсий самолётини 25 миллион фунт (34 миллион евро)га сотди, дея хабар бермоқда «Коммерсант». Шунингдек Норвегиядаги дала-ҳовли ҳам сотиб юборилди.
Коринна Шумахер эри самолётдан энди ҳеч қачон фойдалана олмаслигини англагач, уни сотишга қарор қилган. Пойгачини даволаётган шифокорлар у олган жароҳатлардан тамоман тузалиб кетиши амри маҳол эканлиги ҳақида хулосага келди.
Аввалроқ Коринна Шумахер Норвегиянинг Трюиле ҳудудида жойлашган оилавий уйини қарийб 3 миллион доллар эвазига сотгани хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, спортчи 2013 йилнинг охирида Альп тоғларида чанғидан йиқилиб, ўта оғир жароҳат олган эди. У олти ой сунъий кома ҳолатида ётди. 2014 йил сентябрида эса Женева кўли бўйидаги уйига олиб келиниб, тикланиш муолажаларини олишни бошлади.
Қайд этилишича, Шумахер ҳозирда тўлиқ тўшакка михланиб қолмаган, у муолажалар орасида дераза олдида ўтириши мумкин. Шунингдек, у қариндошларини таний бошлаган, бироқ юз мушакларидан олган жароҳати боис гапира олмайди.
Изоҳ (0)