Таиланднинг Паттайя шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бошланди. Олтита ёш тоифасида ўтказилаётган дунё биринчилигида беш нафар ёш шахматчимиз ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказяпти, деб хабар берди «Olamsport».
1-турда ака-ука жаҳон чемпионлари – Жавоҳир ва Исломбек Синдаров ўз рақибларини мағлуб этди. 9 ёшлилар мусобақасида иштирок этаётган Исломбек оқ доналарда кореялик Бенжамин Кимни таслим этди. Жавоҳир эса 11 ёшли шахматчилар баҳсида қора доналарда ўйнашига қарамай, англиялик Хан-Сен Чуингни мот қилди.
Етти ёшлилар мусобақасида ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Акобирхон Сайдалиев ҳам жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади. Қора доналарда ҳаракат қилган Сайдалиев хитойлик Ли Йихаони енгди. Бу ёш тоифасидаги яна бир вакилимиз Абдулбосит Шарифжонов эса мағлубият аламини тотиб кўрди. У ҳиндистонлик Бхагат Кушга имкониятни бой берди.
Ўн уч ёшлилар баҳсида қатнашаётган Суҳробжон Аввалбоев ҳам илк турда ғалаба нашидасини сурди. У оқ доналарда ўйнаб, англиялик Моди Шиямни мағлубиятга учратди.
Изоҳ (0)