Ярим ўрта вазн қироллари америкалик боксчи Флойд Мэйвезер ва филиппинлик Мэнни Пакьяо WBA, WBC ва WBO йўналиши бўйича чемпионлик камарлари учун рингга кўтарилди, деб хабар қилади ТАСС.
Жанг АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги MGM Grand меҳмонхонаси аренасида бўлиб ўтди. 16,5 минг томошабинга мўлжалланган ушбу аренага чиқарилган чипталар бир дақиқада сотилиб кетди. 1500 дан 7500 долларгача чиқарилган чипталар «қора бозор»да 100 минг долларгача сотилди. Пакьяонинг ўзи яқинлари ва дўстлари учун 900 та чипта сотиб олишга 3—4 миллион доллар сарфлади.
Мутахассислар томонидан «аср жанги» дея эътироф этилган бу баҳс бокс тарихидаги энг қимматбаҳо жангга айланди. Жанг натижасидан қатъий назар америкалик боксчи 150–180 миллион доллар, филиппинлик эса 100–120 миллион доллар гонорар олиши аниқ эди.
12 раунд давом этган жангда боксчилар асосан ҳимояга эътибор қаратди, якунда Флойд Мэйвезер очколар эвазига ғалаба қозонди. Учала ҳакам ҳам америкалик боксчига ғалаба ёзди – 118:110, 116:112, 116:112.
Енгилмас Флойд Мэйвезер 48-жангида 48-ғалабага эришди.
WBO камарини бой бериб қўйган Мэнни Пакьяо эса 6-мағлубиятига учради. Филлиппинлик боксчи фаолиятида 57 та ғалаба ва 2 та дурангга эришган.
Изоҳ (0)