Айни пайтда Ўзбекистон Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида мактабларнинг бошланғич синфларида 17 минг 222 та чет тили кабинети ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар беради.
Шу кунгача бошланғич синфлар учун 17 минг 222 та чет тили хонаси тайёрланиб, DVD – магнитола, ўқув-кўргазмали воситалар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. Шунингдек, уларга 6650 тадан динамик ва оптик (симсиз) сичқонча, ноутбук, видеопроектор, маркерли доска, ТВ-тюнер (антеннаси билан) ҳамда электрон доска вазифасини бажарувчи 200 та интерактив қурилма етказиб берилди.
Жорий йилда яна 5286 та бошланғич синф чет тили кабинетлари учун замонавий техник воситалар тўплами харид қилинади. Янги давлат таълим стандарти асосида 1 ва 2-синфлар учун яратилган чет тили дарсликлари асосида бугунги кунда Ўзбекистон ўқувчилари чет тилини иштиёқ билан ўрганмоқда. 3-синфлар учун яратилган чет тили (инглиз, немис ва француз) дарсликлари 130 та мактабда тажриба-синовдан ўтказилди, унда 260 нафар экспериментатор-ўқитувчи ва 4120 нафар 3-синф ўқувчиси қатнашди.
Ушбу дарсликлар тажриба-синов натижалари ва халқаро экспертларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилиб, янги ўқув йилигача 593 минг нусха чоп этилиб, мактабларга етказилади.
Изоҳ (0)