БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (БМТ-ИИМД)нинг халқаро экспертлари Ричард Кёрби ва Вячеслав Черкасов 27 апрель – 1 май кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази матбуот хизматидан маълум қилишларича, БМТ-ИИМД вакиллари электрон ҳукумат соҳасидаги янги тенденция ва инновацияларни, шунингдек, уни ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг муҳим вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.
Бундан ташқари, экспертлар халқаро тажриба билан ўртоқлашиш мақсадида давлат хизматчилари учун бир қатор семинарлар ҳам ўтказишади.
Душанба куни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигида бўлиб ўтадиган учрашувда экспертлар электрон ҳукумат бўйича 2016 йилга мўлжалланган БМТ шарҳининг янги таҳрири тақдимотини ўтказишади. Бир икки марта эълон қилинадиган бу шарҳ 193 мамлакатнинг электрон ҳукумат соҳасидаги ривожланишини ҳисоблаб, кўрсатади.
29 апрель куни бўлиб ўтадиган семинарда эса иштирокчилар электрон ҳукуматга тайёрликни текширувчи таҳлилий восита – METER билан танишишади. Ушбу методика давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишига ахборот-коммуникация технологияларини муваффақиятли жорий этиш бўйича муҳим фаолият йўналишларини белгилаб олишга ёрдам беради.
30 апрелга мўлжалланган бошқа бир семинарда METER бошқаруви жараёнида жамоатчиликнинг иштирокини баҳолашга имкон берадиган таҳлилий восита тақдимоти ўтказилади. Бу восита давлат органлари томонидан қарорларни қабул қилиш жараёнига фуқароларни жалб этишда ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Ричарб Кёрби ва Вячеслав Черкасов электрон ҳукумат ва давлат бошқаруви бўйича катта маслаҳатчилар бўлиб, электрон ҳукуматни ривожлантириш масалалари бўйича турли мамлакатларнинг ҳукуматлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича бой тажрибага эга.
Экспертларнинг ташрифи БМТ Тараққиёт дастурининг «Давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш учун электрон ҳукуматни тарғиб қилиш» лойиҳаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ва «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган.
Изоҳ (0)