«Насаф» клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида «Тракторсози»га қарши кечган баҳсда ғалабага эришди. Учрашувда 2:1 ҳисоби қайд этилди, деб хабар беради «Uff.uz».
Биринчи бўлим давомида ҳар икки жамоа ҳам ташаббусга эришишга интилса-да, гол киритилмади. Воқеалар ривожи иккинчи бўлимга келиб жадаллашиб кетди. Аввалига «Тракторсози» ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Эркин Бойдуллаев ўз жарима майдончаси яқинида қўполлик қилгач, «Тракторсози» қулай нуқтадан зарба бериш имкониятини қўлга киритди. Бу имкониятни Меҳди Киани жуда чиройли голга айлантирди. Бу вақтда учрашувнинг 51-дақиқаси давом этаётган эди.
Аммо «Насаф» руҳан синиб қолмади ва рақиб дарвозаси томон босимни кучайтирди. 56-дақиқада Одил Ҳамробеков узоқ масофадан зарба берди. Рақиб дарвозабони тўпни қўлидан чиқариб юборди ва бу вақтда Артур Геворкян қайтган тўпни дарвозага йўллашга шай бўлиб турган эди. Унинг боши билан бирга зарбаси бехато чиқди 1 :1.
Иккинчи гол эса бурчак тўпи тепувчилар учун ўқув қўлланмаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Артур Геворкян бурчакдан тўпни шу қадар чиройли тарзда айлантириб дарвозага йўлладики, дарвозабон вазиятни англагунга қадар гол бўлиб улгурган эди.
Шундан сўнг ҳам ўйин шиддати кучли бўлди. Аммо «Насаф» бошқа хатога йўл қўймади ва ғалабага эришди. Қўшиб берилган дақиқаларда эса дарвозабон Элдор Суюнов «учрашув қаҳрамони» деган номнинг тенг ярмини Артур Геворкяндан «тортиб олди». Дарвозабон гарчи жароҳат олган бўлишига қарамай, майдонда қолди ва рақибнинг бош билан берган кучли ва аниқ зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди.
Шу тариқа «Насаф» тарихий ғалабани қўлга киритди.
ОЧЛ, Д гуруҳи, 5-тур
«Тракторсози» – «Насаф»: 1:2
Голлар: Меҳди Киани 51 - Артур Геворкян 56, Артур Геворкян 71
«Тракторсози»: 1. Ҳамид Лак, 3. Ҳабиб Гордани, 4. Ҳолид Шафий, 6. Меҳди Киани, 7. Саман Наримонжаҳон, 8. Шаҳин Соҳиби, 12. Муҳаммад Пурраҳмат, 18. Амиркамдар Аҳмад, 19. Меҳрдод Байрами, 23. Ҳани Ҳошими, 77. Саид Агаи.
«Насаф»: 25. Элдорбек Суюнов, 4. Мақсуд Каримов, 9. Илҳом Шомуродов, 15. Рой Рок, 17. Артур Геворкян, 20. Эркин Бойдуллаев, 22. Шоҳруҳ Гадоев, 23. Шерзод Азамов, 32. Ҳамза Каримов, 33. Одилжон Ҳамробеков, 34. Фарруҳ Сайфиев.
Изоҳ (0)