Гулистон шаҳрида 18 апрель куни таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дилбар Холжигитовага Президентимиз совғалари топширилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Дилбарга Халқаро таэквондо федерацияси президенти Чои Жунг Ҳвадан унинг I дан қора белбоғ соҳиби бўлгани ва ўзининг мустақил мураббийлик фаолиятини бошлаши мумкинлиги ҳақидаги сертификат келди.
«2010 йилда Ўзбекистон очиқ чемпионатида илк зафар қучган бўлсам, келаси йили Осиё чемпионатида ёшлар ўртасида якка ва жамоавий баҳсларда фахрли 2-ўринни эгалладим. 2014 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг филология йўналишига имтиёзли равишда қабул қилиндим. Бу муваффақиятларим шу йилнинг 9-22 март кунлари Таиландда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида ҳам якка, ҳам жамоавий баҳсларда тенгсиз, деб топилишимда муҳим омил бўлди. Рости, Бангкокда эришган бу муваффақиятим замирида бошқа бир сир борки, уни ғурур билан айтмасам бўлмайди», — дейди Дилбар.
«Куни кеча, яъни 18 апрель куни Гулистон шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирдаги ҳаяжоним жаҳон чемпионатидаги ҳаяжондан ўн карра устун бўлди. Юртбошимизнинг ғалабам билан қутлаб юборган совғаларини Президентимизнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов қўлидан қабул қилиб олар эканман, шу табаррук юртда туғилиб ўсганимдан, шу муқаддас замин, шу азиз Ватан фарзанди эканимдан яна бир бор чексиз фахр ҳиссини туйдим», — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди спортчи қиз.
Изоҳ (0)