1 апрель — Ҳазил куни муносабати билан Google ўз сервисларида турли ҳазиломуз акцияларни ишга туширди, дея хабар бермоқда «Lifehacker.ru».
Чунончи, манзил сатрига com.google’ни териш орқали оддий Google қидирув саҳифасининг акси тасвирланган саҳифага тушиб қоласиз. Бу ерда барчаси аксинча, ҳаттоки матн киритиш ва қидирув натижаларининг чиқиши ҳам.
Google Maps’да эса классик Pac-man ўйинини ўйнаш мумкин, бунда даражалар ролини шаҳрингиз харитаси бажаради.
Google’нинг Япониядаги бўлинмаси янги Google Now сервисига эга Google Panda юмшоқ ўйинчоғини чиқара бошлади. Япониядаги Google бу билан ҳам чекланиб қолмасдан, янги гаджет — бармоқлар ёрдамисиз матн териш мумкин бўлган клавиатурани чиқариш ҳақида эълон қилди.
Бундан ташқари, Chrome мобил браузерида янги #Chromeselfie тугмаси пайдо бўлди, у камерани ишга тушириб, айни пайтда браузерда очиқ бўлган сайт фонида селфи олиб, у билан бўлишиш имконини беради.
Шунингдек, Google янги Смартбох почта қутиси намойиш этилган видеони ҳам чиқарди. У автоматик равишда спам ва кераксиз почта билан курашади, ҳамда почтачи янги хат келтирганида сизни хабардор қилади.
Изоҳ (0)