«Ўзбекистонда изчил демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва юксак натижаларга эришилмоқда. Бугун қанча сайлов участкаларига борган бўлсам, барчасида сайловчилар учун ўрнак олса арзигулик шароит яратилганининг гувоҳи бўлдим», – дея малайзиялик сенатор Моҳд Суҳайми Абдулланинг сўзларидан иқтибос келтирди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Сайлов участкалари аҳоли учун қулай жойларда жойлашгани, барча замонавий технологиялар билан таъминлангани, зарур ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт, она ва бола хоналари бунинг яққол тасдиғидир. Овоз беришнинг эркинлиги ва яширинлиги таъминланган.
Тушгача овоз берувчиларнинг аксарияти сайловда иштирок этиб бўлгани мамлакатингизда сайловолди кампаниясининг тўғри йўлга қўйилгани, номзодлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг дастури аҳолига вақтида етказилгани, энг асосийси, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги юқорилигидан далолат.
Тошкентнинг тоза, кенг ва файзли кўчаларида сайр қилиб, диққатга сазовор жойларини кўриб, баҳри-дилимиз очилди. Мамлакатингизда мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида улкан ишлар олиб борилаётгани таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик парламентаризм, иқтисодиёт, таълим ва сайёҳлик каби соҳаларда равнақ топмоқда. Сайёҳлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз улкан салоҳиятга эга. Малайзияда Ўзбекистонни, хусусан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларни зиёрат қилишни, мамлакатингизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини яқиндан ўрганишни истовчилар жуда кўп».
Изоҳ (0)