«Islom.uz» тармоғининг «Muslimaat.uz» сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан кейин тарқалган турли асоссиз гап-сўзлар ва ортиқча миш-мишлардан огоҳ бўлишга чақирилган мурожаат чоп этилди. Ушбу мурожаатни матни ўзгартирилмаган ҳолда тақдим этамиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимУстозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотларидан сўнг ижтимоий тармоқларда у кишининг фазилатлари, беназир хислатлари, бой илмий мерослари ва умуман у кишининг шаънларига оид мавзуларда суҳбатлар, гап‑сўзлар қизиб, илиқ хотиралар, кечинмаларнинг ифодалари авжига чиқди. Мусулмонларнинг қалбларидаги дил изҳорларидан кўзларга ёш қалқди, Ҳазратимизнинг биз билган‑билмаган кўплаб қирралари яна бир бор намоён бўлди.
«Дўстдан кўра душман кўп», деган гап ҳаммага ҳам оид эмас экан, чин олимларнинг душманидан кўра дўсти чандон кўп бўлар экан. Лекин «душманнинг биттаси ҳам кўп», деганларидек, олимнинг ортидан ортиқча гап қиладиган кимсаларнинг биттаси ҳам кўпчиликка озор бўлар экан. Ислом уммати шундай бир оғир мусибатдан жигар‑бағри эзилиб, саросимага тушиб турган бир пайтда марҳум олимимизнинг ортидан фитна қўзиганлар ҳам бўлди. Ичидаги ҳасадини яширишга уриниб ҳам ўтирмай бор ахлатини тўкиб‑солганлар ҳам топилди. Аллоҳ уларга ҳам инсоф‑тавфиқ берсин! Устозимиз бу каби бемаза ишлар вақт ажратиб жавоб қилишга арзимаслигини таъкидлар ва «аҳмоққа сукут жавоб» қабилида йўл тутишни уқтирардилар. Аллоҳ раҳматига олсин, у кишининг бу ишлари ҳам энг тўғри ва ягона намунали йўл экан. Биз ҳам устозга эргашиб, шу услубни тутишга қарор қилдик.
Иккинчи тарафда мухлисларнинг ихлоси, муҳаббати ва ҳис ҳаяжони жўшиб, хабарларнинг асосини суриштирмай, аниқламай туриб тарқатаётганлари кишини яна ташвишга солади. Ушбу сатрларни қоралашга айнан шу иккинчи тоифа кишиларимизнинг ҳаракатлари сабаб бўлди. Тўғри, ўша гапларнинг ҳақиқатга яқинлари ҳам кўп, аммо ҳиссиётга берилиб, гўё мусобақа қилинаётгандек, ортиқча миш‑мишлар ҳам урчиб кетгани биз мусулмонларга ярашмаётир. Ахир улуғ инсонларни ўз мақомида эслашнинг ўзи уларнинг фазли учун етарли эмасми? Фазилатлари беҳад бўлган буюкларимизнинг фазлини кўрсатиш учун тўқима гапларга ҳожат бормикин? Бор гапни айтишнинг ўзи етиб, ошиб қолади‑ку! Уларнинг ҳақларида ўз аниқ бўлмаган гапларни айтишнинг ўзи уларга туҳмат ва энг катта ҳурматсизлик‑ку! Ийсо алайҳиссаломни зинодан туғилган деган яҳудийларнинг туҳмати ҳам, Аллоҳнинг ўғли деган насороларнинг даъвоси ҳам у кишининг ҳаққида бирдек ҳақорат, ҳурматсизлик эмасми?
Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун айрим мисолларни эслаб ўтайлик. Нима эмиш, Шайх ҳазратлари вафот топганларида Мадина Мунавварадаги яшил гумбаз қизариб кетганмиш. Яна нима эмиш, Шайх ҳазратлари бир жиянларининг тушига кириб, Аллоҳ у кишига Ўз жамолини кўрсатганини айтганмишлар. Шайх ҳазратлари Бухорода «Мир Араб» мадрасасида ҳожатхонадаги ишлатилган кесакларни тозалаб юрганини бир яқин биродарлари кўриб қолган эмиш. Фотиҳага Арабистондан бир‑иккита самолётда одамлар келганмиш… Жанозага Рамазон Қодиров ҳам келганмиш… Энди Россиядаги китоб нашрларига асосий маблағни Рамазон берармиш… Шайхнинг «Камолон» масжиди ҳожатхонасини тозалаб чиқаётганларини бир киши ўз кўзи билан кўрганмиш… Ундай эмиш, бундай бўлган эмиш… ва ҳоказо. Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин.
Азиз мусулмонлар! Бу қанқаси? Шу билан марҳум Устознинг фазилатлари ошиб қоладими? У кишининг улуғликлари шунақа миш‑мишлар билан намоён бўлади холосми? У кишининг бунақа «эъзоз»ларга эҳтиёжлари бормикин? Ахир Устоз ҳазратлари ана шундай ўринсиз гапларга бир умр қарши курашиб ўтдилар‑ку! Наҳот ҳеч йўқ шуни мулоҳаза қилмасак?!
Аввалига бу каби гапларга бироз бепарво ҳам бўлдик. Аммо деди‑дедилар кўпайиб, ҳаддан ортиқ сафсаталар ёйилиб бораётганини кўргач, бу гап‑сўзларга керакли муносабатни изҳор қилишни лозим топдик. Мисол учун, юқорида айтиб ўтилган миш‑мишларнинг асли ҳақиқати ҳақида сўз сурсак:
Жорий ойда Масжиди Набавийдаги бир минорага азон айтилганда яшил гумбазга қизғиш тус берадиган мослама қўйилди. Буни саккизинчи март куни тажрибада синаб кўрилди. Ҳазратимиз ўнинчи март куни вафот топдилар ва бу икки ҳодисанинг бир бирига умуман алоқаси йўқ. Аммо одамлар буни ажиб тарзда «боғлаб» юборишди.
Тушлар масаласида ҳам ҳаддан ошиш бор. Тўғри, солиҳ туш нубувватнинг йигирма тўртдан бири ва башоратчи экани ҳадисларда таъкидланган. Шайх ҳазратлари ҳақларида ҳам айрим солиҳ кишиларнинг туш кўрганлари бор гап ва билган одамлар учун бу оддий ҳол, чунки у кишининг улуғликлари ўзи ҳар тарафдан маълум. Бу ўз йўлига. Аммо барибир туш қаътий илмни англатмайди. Зеро тушнинг ҳақиқатан раҳмоний эканини аниқлаш ўзи бир иш бўлса, унинг таъбирини тўғри билиш яна бир муаммо. Туш кўрувчининг ҳолати, ростгўйлиги, омонатдорлиги эса жуда ҳам аҳамиятли. Ёлғон ўзи катта гуноҳ, бироқ, туш борасида ёлғон гапириш янада катта ва оғир гуноҳ, чунки бу Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаш, У Зотга туҳмат қилишдек гап. Шунинг учун ҳам ҳадисларда ёлғон туш айтиш жуда ҳам қаттиқ гуноҳ экани алоҳида таъкидланади. Агар туш ана шундай кимнингдир ёлғони билан тарқаган бўлса, уни кўтариб юриш ўша ёлғонга шериклик қилиш бўлиб қолади. Шу боис, бу борада жуда ҳам эҳтиёткорлик даркор. Шайх ҳазратлари тушга берилишни, тушга суяниб гап кўтариб юришни ёқтирмасдилар, одамларнинг тушлари кўпинча хаёлга берилишнинг натижасида рўй беради, дердилар. Бошқа бир тарафдан қараганда, ҳадеб туш кўраверадиган миллат ухлайверадиган миллат дегани бўлади.
«Мир Араб» мадрасасида ҳожатхона кесакларини тозалаб юрганлари ҳақидаги гаплар… Бу гаплар Акбаржон Тўражонзода домлага нисбат берилган. Бироқ, ишончли кишиларнинг гувоҳлик беришларича, у одам бу гапни айтмаганини таъкидлаган.
Умуман олганда, мадрасаларда таҳоратхонани тозалаб, супуриб‑сидириб туриш доимо талабаларнинг вазифаси бўлиб келган ҳамда буни ҳар бир талаба ихлос билан бажарган ва бу ҳол ҳозир ҳам уларга бегона эмас. Бошқача қилиб айтганда, ҳамма жойда ҳам бу каби ҳолат бор. Буни ваҳима қилишнинг ҳожати йўқ. Аммо мазкур хабарда тарқаган маънодаги иш устозларга туҳмат ҳисобланади.
«Камолон» масжиди таҳоратхонасида Шайх ҳазратларини «ўз кўзи билан кўрган» кишининг хабари ҳам уйдирма гап. Зотан, Ҳазратнинг бирор жойга ташриф буюришлари ҳеч қачон бехосдан, яширинча бўлмаган. Қаерга борсалар, ўша ердаги мутасаддилар кутиб олиб, кузатиб қўйишган. У кишининг ёнларида кечаю‑кундуз хизматда бўлган яқинларининг таъкидлашларича, Ҳазратимиз «Камолон» масжидининг таҳоратхонасига бирор марта ҳам кирмаган эканлар.
Арабситондан самолётда ҳеч қанақа одам келгани йўқ. Фақат шу ердаги айрим элчилар келиб, таъзия билдириб кетишди. Чунки улар Шайх ҳазратларини яқиндан танишар, қаттиқ ҳурмат қилишар эди. Чеченистон раҳбари Рамазон Қодировнинг жанозага келгани ҳақидаги хабар ҳам ғирт ёлғон. Бунга таъзияхонада бўлган ҳамма инсон гувоҳ. Унинг Россиядаги Шайх ҳазратларига қарашли нашриётни молиялаштириши ҳақидаги сафсата ҳам беҳуда гап эканини Ҳазратнинг оила‑аъзолари ва бошқа яқин кишилари бир овоздан таъкидлашмоқда. Бор гап шуки, Чеченистоннинг бир қатор арбоблари келиб, таъзия билдирдилар, холос, чунки уларнинг кўпчилиги Шайх ҳазратларида таълим олган экан.
Яна кимлардир Шайх ҳазратларининг уч йил олдинги суратларини вафотларидан бир неча дақиқа олдинги сурат деб тарқатишмоқда. Бирор киши хабарнинг қанчали ишончли экани ҳақида ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ.
Бу таҳлилни яна давом эттириш ҳам мумкин, аммо тушунча ва хулоса ҳосил қилиш учун шунинг ўзи кифоя бўлса керак. Биз бундай миш‑мишларга қулоқ солмаслигимиз, уларни эшитганда, ўқиганда аниқлик киритилишини талаб қилишимиз, уларни ҳуда‑беҳуда тарқатиб юрганларни тартибга чақиришимиз даркор.
Имом Бухорий ривоят қилади:
«Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг котиби бундай сўзлаб берди:
«Муовия Муғийра ибн Шуъбага: «Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бирон нарсангни ёзиб юбор», дея мактуб ёзди. Шунда у: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсани: қийлу қолни, молни зое қилишни ва кўп сўрашни хуш кўрмайди», деяётганларини эшитдим», деб ёзиб юборди».
«Қийлу қоли» – деди‑деди, миш‑миш гаплар. Демак, Аллоҳ бундай гапларни мусулмонларга раво билмас экан.
Хулоса қилиб айтганда, ўзи улуғ инсонларнинг шаънларида ҳамиша мана шундай бўлмағур, тўқима гаплар тарқаб келган. Бундай вазиятда фақатгина ишончли манбалардан олинган хабарлар билан чекланиш лозим. Ҳозирги сўз юриталаётган мавзуни оладиган бўлсак, бу борада бевосита Шайх ҳазратларининг оила‑аъзоларидан, у кишига тегишли бўлган Islom.uz порталидан олинган хабарларни қабул қилиб, бошқаларини ушбу манбалар ёрдамида аниқламай туриб гапирмаслигимиз даркор.
Шайх ҳазратлари бир умр халқни илм‑маърифтга чорлаб ўтдилар. Сиз билан биз ўқишимиз учун тиним билмай меҳнат қилиб, юздан ортиқ асар яратдилар. Биз у кишини ҳурмат қилмоқчи бўлсак, улуғлашни истасак, руҳларини шод этишни хоҳласак, марҳамат қилиб у кишининг қолдирган асарларини ўрганишимиз, уларга чин дилдан амал қилишимиз лозим. У кишининг фазилатлари ўзи етарли, ўшаларни эслашнинг ўзи кифоя. У кишидек сермаҳсул меҳнат қилган киши юртимизда яқин‑ўртада чиқмаган. Биздан лозим бўлган иш – Устознинг ҳақларида хайрли дуода бўлиб, асарларини ўқиб, уқишдир.
Улуғ, солиҳ инсонларни ҳаддан ортиқ улуғлаш ўтган умматларни ҳалок қилган. Ширк тушунчаларнинг келиб чишига ҳам айнан шу тур тасарруфлар сабаб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнги васиятларидан бири ҳам ўзларини ана ўшандай улуғлашларидан қайтариш бўлган. Салафу халаф уламоларимизнинг, жумладан, Шайх ҳазратларининг ҳам тутумлари ана ўша васиятни маҳкам ушлаш бўлган. Муҳаддис уламоларимиз жон олиб, жон бериб қилган ҳаракатларидан асосий кўзланган мақсад ҳам асоссиз гапларни йўқотиш эди. Биз ҳам ўша ўтган улуғларимизнинг ортидан бориб, кўрсатмаларига амал қилсак, улар учун ҳам, ўзимиз учун ҳам ҳам энг буюк яхшиликларни касб этган бўламиз. Аллоҳ ўтганларимизни раҳмат, қолганларимизни ҳидоятда собит қилсин!
Изоҳ (0)