Тошкентдаги «Шодлик Палас» меҳмонхонасида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир якунланди. Сўнгги 9-тур учрашувларидан сўнг ўз тарихида 9-маротаба ўтказилган мусобақа ғолиби аниқланди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Сўнгги тур натижаларига кўра россиялик гроссмейстер Владислав Артемев ҳамда франциялик Владислав Ткачев бир хил – 7 тадан очко жамғаришди. Ўзаро учрашувда бу икки шахматчи дуранг ўйнашганди. Ғалабалар сони ҳам 5 тани ташкил этди. Қўшимча (перфоманс 2687) кўрсаткичларига кўрагина рақибидан бирозгина устун бўлган Владислав Артемев якунда «Тошкент Open 2015» турнири ғолибига айланди.
Етакчилардан бир йўла 11 нафар иштирокчи ярим очко (6,5) кам жамғаришди. Қувонарлиси, ҳамюртимиз Баҳодир Холмирзаев (FM) қўшимча кўрсаткичларга кўра совринли учликдан жой олди.
Аёллар ўртасида энг яхши натижани терма жамоамиз аъзоси Сарвиноз Қурбонбоева (WIM) қайд этди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, у халқаро турнирда 6 очко жамғарди ва аёл гроссмейстер талабини ҳам бажарди. Иккинчи ўрин яна бир вакиламиз Баҳора Абдусатторовага (WFM) насиб этди. Баҳора 5,5 очко тўплади. Кучли учликка Мафтуна Маматкулова 5 очко билан якун ясаб берди.
20 ёшгача қизлар орасида ғолиблик 5 очко жамғарган Гулруҳбегим Тоҳиржоновага насиб этди. 20 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ортиқ Ниғматов ва Алишер Бекмуротов ғолиб бўлишди. Ҳар икки шахматчимиз 6 тадан очко жамғаришди.
Фахрийлар ўртасида эса бош соврин тожикистонлик Ниғмат Зияев томонидан қўлга киритилди. Пешқадам сингари 5 очко жамғарган ҳамюртимиз Владимир Егин эса иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка россиялик гроссмейстер Аркадий Вул якун ясаб берди.
Эслатиб ўтамиз, жами 76 нафар шахматчи қатнашган халқаро хотира турнирининг умумий мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларини ташкил этди. Ғолиб шахматчи 4 минг долларга эга бўлди. Кучли учликдан жой олган шахматчиларга мос равишда 3 ва 2 минг доллардан мукофот пули тақдим этилди.
Изоҳ (0)