Тошкентда давом этаётган теннис бўйича ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирнинг асосий тўр баҳсларида чорак финал иштирокчилари маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Tashkent ITF Juniors турнирида Ўзбекистоннинг истеъдодли теннисчиларидан ташқари Россия, Ҳиндистон, Бельгия, Туркия, Украина, Қозоғистон, Буюк Британия, Польша, АҚШ, Беларусь каби давлатлардан ҳам ёш ракетка усталари ғолиблик учун кортга чиқишяпти.
Мусобақанинг биринчи ракеткаси сифатида ўзбекистонлик Жўрабек Каримов қайд этилган бўлиб, кеча у иккинчи даврада ҳиндистонлик Райян Рандолини 6:3, 7:5 ҳисобида таслим этди. Жўрабекнинг чорак финалдаги рақиби яна бир ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов бўлади. Ҳумоюн иккинчи босқичда беларуслик Улажимир Дорашни 6:4, 6:7(4), 6:2 ҳисобида таслим этди.
Мусобақада саккизинчи рақам остида таснифланган Саидаъло Саидкаримов туркиялик рақиби Эрги Киркинни 6:4, 6:3 ҳисобида енгди. Яна бир теннисчимиз Шаробиддин Абзалов эса жамоадоши Амал Султонбековдан икки сетда ҳам бир хил 6:3 ҳисобида устун келди.
Изоҳ (0)