Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин АҚШнинг Индиан-Уэльс шаҳрида давом этаётган «Masters» сериясига кирувчи йирик турнирдаги иштирокини муддатидан аввал якунлади, деб хабар бермоқда «Olamsport.com».
Истомин дунёнинг 16-ракеткаси Роберто Баутиста Агутга қарши кортга чиқди. Испаниялик ракетка устаси ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлаган, Истомин эса илк даврада америкалик Остин Крайчекни 7:6, 6:4 ҳисобида таслим этган эди. Агутга қарши баҳс 1 соат-у 20 дақиқа давом этди ва унда испаниялик теннисчи 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучди.
Бу икки теннисчининг ўзаро илк учрашуви бўлди. 26 ёшли Роберто 3 та брейк-пойнтдан фойдаланди. Дунё рейтингида 65-ўринни эгаллаб турган 28 ёшли Истомин 3 та эйс зарбасини амалга оширди ва 2 маротаба қўш хатога йўл қўйди.
Эслатиб ўтамиз, ATP World Tour Masters 1000 тоифасига кирувчи BNP Paribas Open турнирининг умумий мукофот жамғармаси 5 миллион 381 минг 235 долларни ташкил қилади.
Изоҳ (0)