28 февраль куни ўлдириб кетилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов Донбассда Россия ҳарбийлари борлиги ҳақидаги далилни ошкор қилишни режалаштирган. Бу ҳақда Украина президенти Пётр Порошенко «112 Украина» телеканали эфирида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».
«Кимдир бундан жуда қўрқди. Борис қўрқмади, бироқ жаллодлар қўрқди. Улар уни ўлдирди», — дея қўшимча қилди Украина етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, Борис Немцов Москва вақти билан 27 февраль 23:15 да (Тошкент вақти билан 28 февраль 01:15 да) Москва марказидаги Москворецкий кўпригида отиб ўлдирилди.
Ички ишлар вазирлиги расмий вакили сўзларига кўра, Немцов қиз дўсти билан кўприкдан ўтаётган маҳал оқ рангли машинадан унга қарата олтита ўқ отилган. Шулардан тўрттаси мухолифатчига келиб теккан. Қотиллик чоғида сиёсатчининг ёнида бўлган қиз — 23 ёшли украиналик модель Анна Дурицкая ўз кўрсатмаларини бериб бўлди.
1 март куни сиёсатчи аксилинқироз маршида иштирок этиши керак эди. Марш талаблари қаторидан Украина билан урушни зудлик билан тўхтатиш, мухолифатни телевидениега қўйиш, бюджетни марказлашмаган тизимга ўтказиш, ҳарбий харажатларни қисқартириш эвазига соғлиқни сақлаш ва таълимга сарф қилинадиган маблағни ошириш кабилар ўрин олган эди.
Изоҳ (0)