18-19 февраль кунлари 2000 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг жорий йил ҳисобидан илк йиғини ўтказилади. Темур Олимхўжаев мураббийлик қилаётган бу ёш тоифасидаги терма жамоа шу йил кузда ўтказиладиган Осиё чемпионатининг саралаш босқичига тайёргарлик кўради, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўсмирлари 23-30 март кунлари Японияда ўтказиладиган халқаро турнирда ҳам иштирок этади. Айни пайтда эса терма жамоа мураббийлари томонидан селексия ишлари давом эттириляпти. Бош мураббий Темур Олимхўжаев айни шу мавзу юзасидан фикрлари билан ўртоқлашади.
Савол: Темур ака, жамоангиз учун масъулиятли давр бошланмоқда. 2000 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамиз бу йил куз ойларида Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларида иштирок этади. Терма жамоанинг тайёргарлик режаси тасдиқландими?
Жавоб: ЎФФ Терма жамоалар маркази томонидан ҳар бир терма жамоа учун йиллик режалар тузиб чиқилган. Бизнинг режамиз яқин кунларда расман тасдиқланади. Илк режага кўра, 2015 йил ҳисобидан дастлабки ўқув-машғулот йиғинини 18-19 февраль кунлари Тошкентда ўтказамиз. Қисқа муддатли йиғинда турли минтақалардан таклиф этилган номзод футболчиларни кўрикдан ўтказиб оламиз.
Савол: Йиғинга таклиф этилганлар рўйхати аниқми?
Жавоб: Кенгайтирилган таркибдан 50 нафар футболчи жой олган. «Пахтакор», «Насаф», «Бунёдкор», «Машъал», «Андижон» клубларидан чақирилган ўйинчилар кўпчиликни ташкил этади. Лекин бу клублар таркибида фақат ўша шаҳар футболчилари бор дегани эмас. Ўйинчилар географияси кенг. Деярли барча вилоятлардан номзодлар бор.
Савол: Селексия ишларига ўзингиз бош-қош бўляпсизми?
Жавоб: Албатта. Ўзим бевосита селексия жараёнида иштирок этаман. Масалан, ўтган йили ноябрь ойида Навоий вилоятида бўлиб, таклиф этилган истеъдодли футболчиларнинг ўйинларини кўриб қайтдим. Бундан ташқари, «Машъал» академиясида ҳам бўлдим. Бухорода ўтказилган тайёрлов гуруҳлари ўртасидаги мамлакат биринчилиги баҳсларини кузатдим. Айнан мана шу мусобақа якунида бир неча футболчи исми-шарифини ўз ён дафтарчамга ёзиб олдим. Маълумки, ҳар бир вилоятда селексионер-мураббийлар фаолият олиб боради. Улар бизга истеъдодли ёшларнинг рўйхатини тақдим этади. Шу асосда ҳам ўйинчиларни саралаб оламиз.
Савол: Одатда, бу ёш тоифасида жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган, қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетадиган етакчилар жуда кам бўлади. 1994 йилда туғилган ўсмирлар терма жамоамиз бундан мустасно. Темур Ҳакимов, Аббос Махсталиев каби футболчилар Мексикадаги мундиалда порлаган эди. Сиз мураббийлик қилаётган жамоада шундай етакчилар борми?
Бундай футболчилар йўқ, дея олмайман. Лекин 14-16 ёш пайтда ўсмирлар ўзгарувчан бўлади. Бир кун яхши ўйнаса, эртасига ўйини чиқмайди. Бу ёшда болаларнинг физиологияси, психологияси ва характерида ўзгаришлар кузатилади. Табиийки, бу ҳолат майдонда ҳам акс этади. Мени хурсанд қиладиган жиҳат, сиз айтган етакчи футболчилар бизнинг жамоамизда бор. Улардан умидим катта.
Савол: Қайси чизиқлардан кўнглингиз тўлмаяпти?
Жавоб: Ҳозир бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Боиси, ўтган йилдан бери футболчилар энди йиғилади. Уларнинг қандай ҳолатда терма жамоа йиғинига етиб келиши менга қоронғу. Мободо, номзод футболчилар ўйинида пасайиш юзага келган бўлса, уларнинг ўрнига бошқаларини чақирамиз. Терма жамоа ҳеч қачон битта футболчига суяниб қолмаслиги керак, айниқса, бу ёш тоифасида. Кейин менга ҳар томонлама тайёр бўлган футболчилар керак. Биз ўтган йили сўнгги бор ноябрь ойининг охирги ўн кунлигида йиғин ўтказган эдик. Тошкентда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини чоғида иккита назорат баҳси ўтказиб, иккаласида ҳам бир хил - 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Дастлабки учрашувда FMI-99, кейин эса Тошкент вилоят ўсмирлар терма жамоасини таслим этгандик.
Савол: Терма жамоага номзод ўйинчилар ҳолатини назорат қилиб бориш юзасидан клублар билан алоқалар ўрнатилганми?
Жавоб: Албатта. Айниқса, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф», «Машъал» каби жамоалар билан доимий алоқадамиз. Бу клубларда махсус илмий гуруҳ бўлиб, ҳар бир футболчи ҳақидаги маълумотларни етказиб туради. Бундан ташқари, ўзим ҳам, ёрдамчиларим ҳам ўйинчиларни кузатиб борамиз.
Савол: Истеъдодли ёшларнинг кашф этилиши учун кўпроқ турнирлар ўтказилиши лозим. Сизнингча, бизда болалар учун ташкил этилаётган мусобақалар етарлими?
Жавоб: Мусобақалар қанчалик кўп бўлса, шунчалик яхши. Айнан мана шундай ўйинларда истеъдодлар юзага чиқади. Кичик ёш тоифасида халқаро турнирлар кам бўлади. Лекин ўзимизда клублар миқёсида бўлса ҳам кўпроқ турнирлар ташкил этса бўлади. Айни пайтда ТЖМ терма жамоамизнинг халқаро турнирлардаги иштирокини таъминлаш мақсадида иш олиб боряпти. Балки, ўзимизда ҳам ана шундай мусобақалар ўтказилар.
Савол: Эшитишимизга қараганда, терма жамоамиз март ойида Японияда ўтказиладиган халқаро турнирда иштирок этар экан. Бу маълумотни тасдиқлайсизми?
Жавоб: Ҳа. Режага кўра, 23-30 март кунлари Японияда халқаро турнир ўтказилади. Ушбу мусобақага бизнинг жамоамиз ҳам таклиф этилган. Айни пайтда ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар ҳал этиляпти. Унгача Тошкентда иккита ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Шу йиғинлар орқали кунчиқар ўлкага борадиган таркиб аниқланади.
Савол: Мусобақада иштирок этадиган жамоалар маълумми?
Жавоб: Билишимча, 10 та жамоа таклиф қилинган. Улар орасида биз ва мезбонлардан ташқари, Эрон, Афғонистон каби терма жамоалар борлигидан хабарим бор.
Савол: Ўсмирларимиз Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, ЖЧга йўлланма олиши билан футбол ишқибозларини ўргатиб қўйди. Табиийки, мухлислар бу сафар ҳам сиз мураббийлик қилаётган жамоадан ана шундай юқори натижани кутади...
Жавоб: Буни жуда яхши тушуниб турибмиз. Ёшларимиз сингари ўсмирларимиз ҳам сўнгги йилларда Осиё чемпионатида юқори натижаларни қайд этяпти. Ўсмирларимиз терма жамоаларимиз орасида илк бор Осиё чемпиони бўлди. Жаҳон чемпионатида кучли саккизталикка киряпмиз. Айтмоқчиманки, терма жамоаларимиз «планка»ни юқори қўйди. Энди биз ҳам ўшандан кам бўлмаган натижа қайд этишимиз керак. Мақсадимиз шу.
Изоҳ (0)