Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Франциянинг Монпелье шаҳрида давом этаётган йирик теннис турнирининг чорак финалига йўлланмани қўлга киритди, деб хабар бермоқда Olamsport.
Ҳамюртимиз чорак финал чиптаси учун ўтказилган учрашувда исроиллик Дуди Селага қарши кортга чиқди. Бир соату 23 дақиқа давом этган учрашувда дунёнинг 61-ракеткаси бўлган 28 ёшли Истомин 7:6(1), 6:2 ғисобида ғалаба қозонди.
Денис ушбу баҳс давомида рақибининг учта тўп узатишини ютиб олди. Олтита «эйс» зарбани амалга оширди. Бир бор қўшхатога йўл қўйди. ATP рейтингида 87-поғонадан жой олган 29 ёшли Села эса иккита «эйс» зарба берди ва яна шунча қўшхатони қайд этди. Икки теннисчининг ўзаро учрашувларидаги ҳисоб эса тенглашди - 1:1.
Бугун Денис Истомин мукофот жамғармаси 494 минг 310 еврони ташкил этувчи Open Суд де France турнирининг ярим финалига чиқиш учун мезбон теннисчи Ришар Гаскега қарши кортга чиқади. Гаске иккинчи даврада ҳамюрти Люк Пуедан устун келганди.
Изоҳ (0)