Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Давлат ветеринария хизмати томонидан наслдор чорва молларни кўпайтириш, уларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, жумладан, ҳайвонлар орқали куйдирги, бруцеллоз, пастереллёз ва оқсил каби юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
2014 йил Ўзбекистонга четдан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 28,3 миллион бош чорва, 50,4 миллион бош парранда турли касалликларга қарши эмланди. 190 мингдан ортиқ молхона ва қўрада қрим-конго геморрагик иситма касаллигига қарши дезинфекция-дезинсекция тадбирлари ўтказилди.
Давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги чегара ветеринария назорати пунктлари томонидан ветеринария-санитария талабларига жавоб бермаган ва тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаган юзга яқин ҳайвон, 460 килограммдан ортиқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 490 килограммдан зиёд сут ва сут маҳсулотлари Ўзбекистон ҳудудига киритилмади.
Туман ва шаҳар давлат ветеринария бўлимлари қошида замонавий кўринишдаги ветеринария шифохоналари ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ўтган йили Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида замонавий ветеринария шифохоналари фойдаланишга топширилди. Ветеринария хизмати кўрсатувчи йигирма иккита зооветеринария пункти ишга туширилди.
Давлат ветеринария хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ветеринария препаратларини сақлаш мақсадида 360 совутгич, препаратларни белгиланган режимда олиб юриш учун 500 дан ортиқ махсус термосумка ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилигини текширувчи 110 махсус жиҳоз харид қилинди. Жойларда эмлаш тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида гуруҳ усулида эмлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Айни пайтда Давлат ветеринария хизмати мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида профилактика чора-тадбирлари, чорва молларни боқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган қоидалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, бозорларда чорва моллари ветеринария маълумотномаси асосида сотилиши назорат қилинмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар юқумли инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ҳамда эпизоотик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)