22 январь куни Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг бориши ва Олий Мажлис Сенатини шакллантириш якунларига бағишланган брифинг ўтказилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида хабар берилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бўлажак сайловга тайёргарлик ишлари қонунчилик талаблари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури асосида изчил олиб борилаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш истагини билдирди ва шу мақсадда Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар тўпламини тақдим қилди.
Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилигига мувофиқ, шунингдек, тақдим қилинган ҳужжатлар асосида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясига сайловда иштирок этиш учун ижозат берди. Ҳозир сиёсий партиялар томонидан имзо тўплаш ишлари олиб борилмоқда.
Брифингда журналистларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этаётган сиёсий партиялар, сайловчилар имзосини тўплаш тартиби ва бу жараён қандай бораётгани, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа масалалар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари тузилгани, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари тавсиялари асосида округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқлангани таъкидланди.
Округ сайлов комиссиялари аввалги сайловларда амалий тажриба тўплаган, жамиятнинг обрўли вакилларидан иборат таркибда шакллантирилди. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг рўйхати, сайлов комиссияларининг манзили ва телефон рақамлари маҳаллий матбуотда эълон қилинди.
Брифингда оммавий ахборот воситалари вакилларига парламент сайловининг якуний босқичи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатини шакллантириш якунлари тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Изоҳ (0)