«Макдоналдс» ресторанлар тармоғи ўз картошка-фрисига таъмни яхшиловчи ва ранг берувчи моддаларни қўшади, дея хабар бермоқда The Daily Mirror. «Фастфуд» турига кирувчи ушбу таомни тайёрлаш жараёни Американинг Discovery телеканалида фош қилинди.
Mythbusters кўрсатуви мухбири «Макдоналдс» рухсати билан ушбу тармоқ тамаддихоналари учун картошка-фри ишлаб чиқарувчи фабрикага ташриф буюрди.
Ташриф давомида сомонча шаклида тўғралган хом картошка қовурилганда тилларанг олиши учун дастлаб декстроз (табиий ширин таъм берувчи модда)га ботирилиши аниқланди. Сўнг ярим тайёр маҳсулот фабрикадан ресторанга етиб боргунига қадар ўз рангини сақлаб қолиши учун унга натрий пирофосфати (органик бўлмаган озиқ-овқат қўшимчаси) қўшилади. Тўғралган картошка чала қовуриб олинади ва музлатилади.
Discovery мухбири эслатишича, «Макдоналдс» уни фақат картошка, ўсимлик ёғи ва туздан иборат содда ва табиий таом сифатида тавсифлайди.
Изоҳ (0)