Қўқонда қалбаки купюраларни сотиш билан шуғулланган шахс қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими ходимлари томонидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш доирасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2003 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қалбаки пулларни муомалага киритиш билан шуғулланаётгани аниқланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўқон шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур шахс 50 млн сўм миқдоридаги қалбаки пулларни “шартли харидор”га ҳақиқий 8 млн сўм эвазига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада 50, 100 ва 200 минг сўмлик жами 315,5 млн сўм миқдоридаги қалбаки купюралар ҳамда 100 АҚШ долларлик жами 120 минг доллар миқдоридаги қалбаки купюралар борлиги аниқланган ва тегишли тартибда олиб қўйилган.
Ҳозирда қалбаки “пулфуруш”га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу қалбаки пул маблағларини унга етказиб берган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
1 июлда Наманганда қалбаки валюта сотувчи уч киши қўлга олинганди. Уларга ҳам жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинганди.
Жиноят кодексининг 176-моддасига кўра, қалбаки пул ясаш, уларни ўтказиш 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундай ҳаракатлар кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)