Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи эр-хотин одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланиб қўлга олинди, деб хабар бермоқда «Постда» газетаси.
Эркак ўз хотини билан бирга режа тузиб, Булунғур туманида яшовчи қайнисинглисини уйига келади. У эридан ажрашиб, вақтинчалик ишсиз ўтирган, боз устига вояга етмаган икки нафар фарзандини едириб-кийинтиришга қийналаётган эди. Рўзғордаги аҳволни кўрган фирибгарлар унинг кўнглини кўтарган бўлиб, гўёки Туркияда яшайдиган синглиси ва куёвининг ишларига ёрдам бериб турса, катта мқидорда пул беришларини айтади. Эркак қайнисинглисининг паспортини олади ва шу куниёқ хорижга чиқишга дахлдор ҳужжатларни тўплашга киришади.
Орадан бироз вақт ўтиб, Тошкент аэропортидан қайнисинглисини жўнатиш вақтида унинг қўлига 1000 доллар бериб хорижга учириб юборади. Бир неча соатдан сўнг самолёт Таиланд давлатининг Бангкок шаҳрига келиб қўнганини билган аёл ҳайратдан ёқа ушлайди. Ташқарида уни нотаниш икки киши кутиб олади. Паспорти олиб қўйилган аёл уч йилдан кейин хасталаниб, ҳеч кимга керак бўлмай қолади. Уй эгалари унинг қўлига 500 доллар тутқазиб, яна 20 минг долларни қилган хизматлари учун Самарқандда яшовчи аёлдан олишини айтиб, уни Ўзбекистонга жўнатиб юборишади.
Уйга қайтган аёлдан опаси ва поччаси кунора «ўзлари сарфлаган харажатларни» қайтаришни сўраб, хархаша қилаверишади. Тоқати тоқ бўлган аёл пули йўқлиги, лекин самарқандлик аёл каттагина пул бериши кераклигини уларга маълум қилади. Катта маблағни эшитган эр-хотин яна уни аврашга тушиб, тезроқ ўша пулни қўлга киритиш учун турли хил макр-ҳийлаларни ўйлаб топишади.
Лекин жиноятчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди. Эр-хотин ўзларини ҳар кўйга солишмасин, ашёвий далиллар олдида ер чизиб қолишди, айбларини тан олишди ва қилмишига яраша жазога тортилишди.
Изоҳ (0)