16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш лозимлигига эътибор қаратди:
Барчамиз яхши англаб олишимиз зарурки, ишлаб чиқаришни диверсификация қилмасдан туриб, ташқи бозорларга чиқиш ва маҳсулотларимизни сотиш борасидаги экспорт дастурини амалга ошириш, валюта даромадлари тушумини таъминлаш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришни ва иш ўринларини ташкил этиш, пировард натижада ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларимизга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.Жаҳон бозорида тенг рақобатлаша оладиган ва кейинги босқичда иқтисодий ўсишнинг, иқтисодиётни янада модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқ ва корхоналарни жадал ривожлантириш ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминлаш зарур.
Маълумки, Ўзбекистон жаҳон бозорида хомашё ресурсларининг, масалан, пахта ва бошқа турдаги хомашёларнинг нархи кескин тушиб кетган ҳолатларни кўп маротаба бошидан кечирган.
Шу билан бирга, тўқимачилик ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларида ана шу пахта хомашёсини янада чуқур қайта ишлашни таъминлаш, бўялган ип-калава, трикотаж полотноси ва матолар каби тайёр маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш, кейинчалик, замонавий технология ва дизайнни фаол ўзлаштириш асосида, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда улкан самарага эриша оламиз.
Мамлакатимизда ишга солинмаган яна кўплаб резерв ва имкониятлар мавжудлигига биргина шу мисол асосида ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Бу ўринда гап, аввало, дастлабки хомашёни ва ярим тайёр маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, бунинг учун нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, енгил саноат ва электротехника тармоқларида янги комплекс ва корхоналар ташкил этиш, шунингдек, жаҳон ва минтақа бозорларида, ички бозоримизда харидоргир бўлган тайёр тўқимачилик, чарм-поябзал, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва маиший электр техника маҳсулотлари, маиший кимё товарлари, қурилиш ва пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида бормоқда.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар, уюшмалар, компаниялар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида 2015−2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва қабул қилсин.
Изоҳ (0)