16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратди:
Таълим соҳасида ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. Ўтган йили ҳаммаси бўлиб 540 дан зиёд объект, шу жумладан, 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун қарийб 550 миллиард сўм сарфланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан ортиғи таълим муассасаларини ўқув, лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналари, компутер ва мултимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди.2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш дастури доирасида 19 та олий таълим муассасасида қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қиймати 230 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Андижон давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув бинолари барпо этилди.
2014 йилда бир қатор янги институт ва факультетлар, ўқув-илмий марказлар очилди. Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети ва ҳудудлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари негизида Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Нукус шаҳарларида филиалларига эга бўлган Тошкент давлат стоматология институти ташкил этилди.
Тошкент давлат шарқшунослик институтида хитойшунослик факультети очилди, шунингдек, ушбу институт қошида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ташкил қилинди.
Жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Инха университети ташкил этилди.Мазкур олий ўқув юртида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компутер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.
Ўтган йили олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилди, яъни тест синовларига информатика бўйича саволлар киритилди, мутахассисликка оид фанлар бўйича баҳолаш баллари оширилди. Бу эса олий ўқув юртларига танлаган касбини ҳисобга олган ҳолда, энг яхши тайёргарлик кўрган абитуриентларни саралаб олиш имконини беради.
Изоҳ (0)