16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатига эътибор қаратди.
2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоизга ўсди ва АҚШ доллари ҳисобида 14 миллиард 600 миллион долларни ташкил этди. Бунда жами капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоиздан ортиғи ёки 3 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилди. Уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.Инвестиция дастурини амалга оширишда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларнинг йилдан йилга фаол иштирок этаётгани барчамизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Биргина ўтган йилда бундай инвестициялар ҳажми 10,3 фоизга ўсиб, 4 миллиард 300 миллион долларни ёки жами инвестициялар ҳажмининг қарийб 30 фоизини ташкил этди.
Ўтган йили тижорат банкларининг инвестициявий фаолияти ҳам кенгайди. Улар томонидан 1 миллиард 700 миллион доллар ёки 2013 йилга нисбатан 20 фоиз кўп инвестициялар йўналтирилди.
Жами инвестицияларнинг 73 фоиздан ортиғи ишлаб чиқариш соҳасига ва қарийб 40 фоизи машина ва ускуналар харид қилишга сарфланди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда.
2014 йилда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
Уларнинг қаторида йилига 60 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» масъулияти чекланган жамияти базасида Damas ва Orlando русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш», «80 минг тонна рух консентратини қайта ишлаш бўйича рух заводини реконструкция қилиш», «Мис эритиш заводида янги сулфат кислота цехини қуриш», электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини 50 мегаваттга ошириш мақсадида «Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ миқёсда модернизация қилиш», Қорақалпоғистон Республикасидаги «Манғит» масъулияти чекланган жамияти базасида йилига 5 минг тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга бўлган ип-калава йигирув корхонаси ташкил этиш» ва бошқа объектларни тилга олиш мумкин.
Ўтган йилда йилига 25 миллиард куб метр газни узатиш имконини берадиган Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг 1 минг 830 километр узунликдаги учинчи тармоғи ишга туширилди.
Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференсиялар берилган «Ангрен» махсус индустриал зонаси, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Жиззах» махсус индустриал зонасининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имконини кенгайтирди. Ушбу зоналар учун зарур ташқи муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси тўлиқ республикамиз маблағлари ҳисобидан барпо этилмоқда.
Изоҳ (0)