16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига эътибор қаратди:
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида шиддат билан содир бўлаётган жараёнлар ва биринчи навбатда, қарама-қаршиликларнинг кучайиб бораётгани, жаҳон бозорларидаги вазиятнинг тез ўзгараётгани, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ва унинг оқибатлари, дунёнинг кўплаб давлатларида инвестиция фаоллигининг сусайиши ва ўсиш суръатларининг пасайиши мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта.Шундан келиб чиқиб, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 108 фоиз даражасида бўлиши кўзда тутилмоқда. Бу борада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 6 фоизга кўпайиши белгиланмоқда.
Биз ўз олдимизга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни 11,7 фоизга, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини 11 фоиз ва ноозиқ-овқат товарларини 12,1 фоизга кўпайтириш, ушбу маҳсулотларни чакана савдо тармоғи орқали сотишни 14,2 фоизга ошириш вазифасини қўймоқдамиз.
Жорий йилда хизмат кўрсатиш соҳасини янада жадал суръатлар билан ривожлантириш мўлжалланмоқда. Хизматлар кўрсатиш ҳажмини 15,6 фоизга ошириш ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 54,5 фоизга етказиш назарда тутилмоқда.
Айни пайтда инфлация даражаси 5,5 – 6,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2014 йилга қараганда сезиларли даражада пастдир.
2015 йилда кўзда тутилаётган капитал қўйилмалар ҳажми АҚШ доллари ҳисобида 15 миллиард 960 миллиондолларни ёки 2014 йилга нисбатан 110,1 фоизни ташкил этади. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 23,1 фоизга етади.
Ушбу маблағларнинг 74,5 фоизга яқини ишлаб чиқариш объектлари қурилишига, 43,1 фоизи асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилади. Чет эл инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошиб, уларнинг умумий капитал қўйилмалар ҳажмидаги улуши 22,1 фоизни ташкил этади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши эса 11,2 фоизга кўпаяди.
Юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ҳар томонлама чуқур ва пухта ўйланган изчил солиқ ва пул-кредит сиёсатини амалга ошириш орқали таъминланади. Ушбу сиёсат, авваламбор, иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида унинг рағбатлантирувчи ролини кучайтиришга қаратилади.
Биринчи навбатда амалга ошириладиган вазифалар қаторига даромад солиғи ставкасини 7,5 фоизга камайтириш киради. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси, саноат корхоналарида бўлганидек, 6 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Изоҳ (0)