2015 йилнинг 6 январь куни Болгарияда мамлакат қуролли кучлари ҳамда АҚШ ҳарбийлари билан биргаликда Platinum Lion — 2015 номли ўқув машғулотлари бошланди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига таяниб, «Kun.uz» хабар берди.
Машғулотлар Болгариянинг «Ново село» полигонида ўтказилаётган бўлиб, уларда маҳаллий ва америкалик ҳарбийлардан ташқари, Руминия ва Сербия армиясининг қўшинлари ҳам иштирок этмоқда.
Болгария Мудофаа вазири матбуот хизматининг хабар беришича, машғулотлар биринчи маротаба қишки шароитларда Black Sea Rotational Forces байналминал тайёрлаш дастури бўйича олиб борилмоқда. Машғулотлар 30 январда тугатилиши режалаштирилган.
Машғулотларда «Васил Левски» Миллий ҳарбий университетининг 140 нафар болгар ҳарбийси, ҳарбий полиция ва бошқа бўлинмалар ҳарбийлари, 250 нафар америкалик денгиз пиёдаси, Сербия Қуруқликдаги қўшинларининг 40 нафар ҳамда Руминиянинг 25 нафар ҳарбийи иштирок этмоқда.
Маълумот учун, Болгария ва АҚШ армияси қисм ва бўлинмаларининг биргаликда ҳарбий тайёргарлиги доирасидаги Platinum Lion машғулотлари мамлакат ичида ва ташқарисида ўтказилмоқда. 2015 йилда бу машғулотлар ёрдамида қўшинларнинг тезкор мослашувчанлигини ошириш, уларнинг кўпмиллатли муҳитда ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)