International Living журнали нафақа ҳисобига яшаш учун энг яхши давлатлар рўйхатини чоп этди. Бу рўйхатнинг энг юқори поғонасидан Эквадор жой олди, деб хабар беради «Kun.uz».
Рейтинг тузишда мамлакатдаги нарх-наволар, кўчмас мулк нархлари, иқлим ва тиббий хизмат сифати каби кўрсаткичлар инобатга олинди. Эквадорда озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший хизматлар, транспорт, кўнгилочар тадбирлар учун сарф-харажатлар АҚШдагидан деярли икки марта арзон. Бу мамлакатда уй ижараси учун ҳақни қўшиб ҳисоблаган ҳолда 1,5 минг доллар билан бемалол бир ой яшаса бўлади, деб хабар бермоқда «Вести.ru» нашри.
Эквадорда шифокор ҳузурига ташриф 10 доллардан қиммат турмайди, ресторанда эса 2,5 долларга овқатланиш мумкин. 65 ёшдан катта бўлган мамлакат фуқароларига авиачипталар, жамоат транспорти ва маданий тадбирлар учун чегирмалар тақдим этилади. Эквадорда океан бўйида икки ётоқхонага эга бўлган квартирани 100 минг доллардан арзонроққа сотиб олиш мумкин. Бироқ охирги пайтларда мамлакатга чет элда ишлаб қайтаётганлар ва кўчиб келаётган пенсионерлар ҳисобига кўчмас мулк нархи ошиб кетмоқда, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ушбу рейтингдан 25 давлат ўрин олди. Иккинчи ўринни Панама, учинчи ўринни Мексика эгаллади. Биринчи ўнталикда Малайзия, Коста-Рика, Мальта, Испания, Колумбия, Португалия ва Таиланд давлатларини кўриш мумкин.
Изоҳ (0)