24 декабрь куни Қуролли Кучлар давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгаши томонидан ташкиллаштирилган «Уч авлод учрашуви» деб номланган маънавий-мусиқий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси Феруза Фузайлова хабар берди.
Унда бир қатор фахрий офицерлар, Тошкент Ахборот технологиялари университети, Тошкент Тиббиёт академияси махсус факультетлари, телекоммуникация йўналишидаги ҳарбий лицей курсантлари, 171-мактаб ўқувчилари, ҳарбий қисм аскарлари иштирок этди. Тадбирда Фахрийлар кенгаши аъзолари заҳирадаги полковниклар М. Нуриддинов, Б. Ғофуров, А. Харламов, Б. Муродов, Р. Ташходжаев, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти раиси ўринбосари С. Ғаниев сўзга чиқиб, ёш авлод билан ўз тажрибаларини ўртоқлашди ва уларга керакли маслаҳатлар берди.
Давра суҳбати қўшиқ ва куйга уланиб кетди. Тадбир сўнгида иштирокчилар фахрийлар билан эсдалик учун расмга тушди.