Тошкентдаги Инҳа университетида Ўзбекистон бозоридаги «Torg.uz», Newmax Technologies, Universal Bank, «Kanstovar.uz», «Dekos.uz» сингари йирик ва муваффақиятли компаниялар раҳбарларининг мазкур таълим муассасаси талабалари билан очиқ маъруза шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда UzReport ахборот агентлиги.
Бу каби учрашувлар талабаларга замонавий бозорда фаолият юритиш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар ҳақида тушунчага эга бўлиш ва шу орқали карьера қуриш бўйича тўғри йўналишни шакллантириш ва келажакда амалиётда ўз ўрнини топишга ёрдам беради.
Ўзбекистон бозоридаги бу каби йирик компанияларнинг раҳбарлари, менежерлари ва экспертлари билан учрашув, аввало, талабаларга бизнес-муҳит билан яхшироқ танишиш, муваффақиятли компаниялар фаолиятини тушуниш, шунингдек, замонавий ахборот технологияларининг компаниялар самарадорлиги, унумдорлиги ва даромадлилигини оширишида эгаллаган ўрнини билишга имкон беради.
Тошкентдаги Инҳа унвиерситети халқаро тармоқ етакчилари ва маҳаллий йирик компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида фаол музокараларни бошлаб юборди. Уларнинг муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ этилиши эса келажакда Ўзбекистон бозорининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўша оладиган ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда энг мураккаб муаммоларни ҳал этиш учун янги ғояларни таклиф қила оладиган юқори малакали ва рақобатбардош битирувчиларни тайёрлаш имконини яратади.
Изоҳ (0)