Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2014 йилнинг 14—15 декабрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳридаги навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Йиғилиш кун тартибидан кенг қамровли халқаро ва минтақавий тараққиёт масалалари юзасидан фикр алмашиш ўрин олган. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши (Душанбе шаҳри, 2014 йил 12 сентябрь) қарорларини амалга ошириш доирасида Қозоғистон, ХХР, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилади.
ШҲТ кузатувчи давлатлари, МДҲ Ижроия қўмитаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК), БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ОТОИИК) ва бошқа халқаро ташкилотларнинг масъул вакиллари ҳам йиғилишга таклиф этилган.
Изоҳ (0)