Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироққа қарши иккита ўйин ўтказади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироқ терма жамоасига қарши иккита ўйин ўтказади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоиз, режага кўра Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари 25 декабрь куни БААнинг Шаржа шаҳрида ўзаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ўзаро келишувга кўра, иккала терма жамоа орадан 3 кун ўтиб яна бир маротаба ўзаро ўйнайдилар. Ироқ терма жамоасига қарши ҳар иккала ўйин ҳам Шаржа шаҳридаги «Ҳолид бин Муҳаммад» стадионида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги − 2015 финал босқичига тайёргарликни икки даврага бўлади. Унга кўра, илк йиғин 14 декабргача давом этса, иккинчи йиғин 17−29 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Миржалол Қосимов жамоаси мазкур йиғинлар давомида Фаластин (13 декабрь), Иордания (20 декабрь) ва Ироқ (25 ва 28 декабрь) терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади.